Озодликдан маҳрум қилиш — маҳкумни жамиятдан ажратиб, жазони ижро этиш колонияси ёки турмага жойлаштиришдан иборат жазо тури. Унинг муддати ва ўталадиган муассаса суд ҳукмида белгиланади.

Жиноят кодексига кўра, озодликдан маҳрум қилиш, одатда, бир ойдан йигирма йилгача муддатга белгиланади. Жазонинг аниқ муддати жиноят учун назарда тутилган санкция, ишнинг ҳолатлари ва суд ҳукмига боғлиқ.

Қонунда узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ҳам назарда тутилган. У йигирма йилдан ортиқ, лекин йигирма беш йилдан кўп бўлмаган муддатни англатади. Бундай жазо фақат Жиноят кодексида кўрсатилган ҳолатларда — жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм учун тайинланиши мумкин.

Узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш аёлга, жиноятни 18 ёшга тўлмасдан содир этган шахсга ва 60 ёшдан ошган эркакка тайинланмайди. Бу қоида аёлга умуман озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмайди, дегани эмас: чеклов айнан йигирма йилдан ортиқ узоқ муддатли жазога тааллуқли.

Озодликдан маҳрум қилиш ва узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ўртасидаги фарқни ажратиш муҳим. Суд ҳукмида белгиланган муддат ва жазони ўташ шартлари ҳар бир иш бўйича алоҳида аниқланади. gendermadad.uz

Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 50-моддаси.