Ҳимоя ордери жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш учун қўлланадиган ҳуқуқий чора. Уни бериш ҳақида фақат жабрланувчининг ўзи эмас, ҳолатдан хабар топган бошқа шахслар ҳам хабар бериши мумкин.

Ҳимоя ордерини расмийлаштиришга жабрланувчи ёки унинг қонуний вакилининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлар, ваколатли ходимлар ҳолатни бевосита аниқлаши ёхуд давлат органлари материаллари асос бўлиши мумкин. Мурожаатлар ички ишлар органларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушади.

Мурожаат ёки хабар 24 соат мобайнида ўрганилади. Ваколатли инспекторлар ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади, хавфни баҳолайди ва тазйиқ ёки зўравонлик аниқланса, ордерни расмийлаштиради. Амалдаги низомга кўра, бу вазифани профилактика инспектори билан бирга хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор, болаларга оид ҳолатларда эса инспектор-психолог ҳам бажариши мумкин.

Ҳимоя ордери дастлаб 30 кунгача берилади ва расмийлаштирилган пайтдан кучга киради. Сайтдаги «дарҳол бир йилга берилади» деган маълумот тўғри эмас. Агар ордер амал қилаётган вақтда хавф бартараф этилмаса, жабрланувчи ёки унинг қонуний вакили аризаси асосида унинг муддати жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин. Узайтириш материаллари тегишли инспектор томонидан белгиланган тартибда судга юборилади.

Ордер электрон шаклда расмийлаштирилиши мумкин. Уни электрон етказиш имкони бўлмаса ёки тараф талаб қилса, қоғоз нусха ҳам берилади. Ордер шартлари бажарилмаса, бу ҳақда дарҳол ички ишлар органларига хабар бериш лозим: ваколатли ходимлар қонунда белгиланган чораларни кўради.

Бир календарь йил ичида тазйиқ ёки зўравонлик ҳолати бўйича икки ва ундан ортиқ марта мурожаат қилинганда, ички ишлар органлари ҳимоя ордерини ташаббус тартибида бериш чорасини кўради. Ордер олиш учун вазият оғирлашишини кутиш шарт эмас; хавф ҳақида ўз вақтида хабар бериш муҳим.

Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарори билан тасдиқланган низом; Президентнинг 2024 йил 10 майдаги ПҚ–175-сон қарори.