Бола билан яшаш ва уни тарбиялаш ҳуқуқи

Вояга етмаган ота-она ҳам ўз фарзанди билан бирга яшаш ва унинг тарбиясида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Ота ёки онанинг ўзи вояга етмагани уни боласидан ажратиш ёки тарбияда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун мустақил асос бўла олмайди.

Ота-оналик ҳуқуқларини мустақил амалга ошириш

Ўзаро никоҳда бўлмаган вояга етмаган ота-онадан бола туғилган ва уларнинг оналиги ёки оталиги белгиланган бўлса, улар 16 ёшга тўлгач ота-оналик ҳуқуқларини мустақил амалга оширишга ҳақли бўлади.

16 ёшга тўлгунига қадар болани вояга етмаган ота-она билан биргаликда тарбиялаш учун болага васий тайинланиши мумкин. Васий тайинланиши вояга етмаган ота ёки онанинг бола тарбиясида иштирок этиш ҳуқуқи йўқолганини англатмайди.

Боланинг васийси ва вояга етмаган ота-она ўртасида тарбияга оид келишмовчилик келиб чиқса, уни васийлик ва ҳомийлик органи ҳал этади.

Оталик ва оналикни белгилаш

Вояга етмаган ота-она ўз оталиги ёки оналигини умумий асосларда эътироф этиш, шунингдек уларга нисбатан белгиланган оталик ёки оналикка эътироз билдириш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси