Аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлар

Ҳомиладор аёлни иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишга қонунда кўрсатилган истиснолардан ташқари йўл қўйилмайди. Уч ёшгача боласи бор ходимлар учун ҳам алоҳида кафолатлар мавжуд.

Ҳомиладор аёл билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчи ўз ташаббуси билан бекор қила олмайди. Ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси тугатилиши, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилиши бундан мустасно.

Агар муддатли меҳнат шартномаси ҳомиладорлик даврида тугаса, аёл ёзма ариза ва ҳомиладорлигини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этганда иш берувчи унинг муддатини ҳомиладорлик тугагунига қадар узайтириши шарт. Аёлга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилса, шартнома шу таътилнинг охирига қадар узайтирилади.

Шартнома ҳомиладорлик охирига қадар узайтирилган бўлса, иш берувчи тиббий маълумотномани қайта сўраши мумкин, аммо уч ойда бир мартадан кўп эмас. Ҳомиладорлик тугагандан кейин аёл амалда ишлашни давом эттирса, иш берувчи бу ҳолатни билган ёки билиши керак бўлган кундан бошлаб бир ҳафта ичида шартномани муддати тугагани сабабли бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Муддатли шартнома ишда йўқ ходимнинг вазифаларини вақтинча бажариш учун тузилган бўлса, алоҳида истисно амал қилади: ҳомиладор аёлни унинг соғлиғига мос бошқа ишга ёзма розилиги билан ўтказиш имкони бўлмаса, шартномани муддати тугагани муносабати билан бекор қилишга йўл қўйилади. Ҳомиладор аёл билан шартнома бекор қилинганда ҳам Меҳнат кодексида белгиланган давр учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланади.

Уч ёшгача боласи бор аёл, шунингдек бундай болани ёлғиз тарбиялаётган ота ёки васий билан шартномани иш берувчи ташаббуси билан фақат Меҳнат кодекси 161-моддаси иккинчи қисмининг 1, 4 ва 5-бандларидаги асослар бўйича бекор қилиш мумкин. Шартнома бекор қилинганида бола парваришлаш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланади.

Бола уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлган ходимни таътилдан чиққанидан кейин бир йил давомида малакаси етарли эмаслиги важи билан иш берувчи ташаббусига кўра бўшатишга йўл қўйилмайди. Агар ходим шартнома қонунга хилоф бекор қилинган деб ҳисобласа, буйруқ нусхаси ва тегишли ҳужжатларни сақлаб, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мурожаат қилиши мумкин.

Ҳуқуқий асос: Меҳнат кодексининг 161, 408 ва 409-моддалари.