16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онадан бири ҳар йили қўшимча ҳақ тўланадиган таътил, шунингдек ўз хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиш ҳуқуқига эга.

Меҳнат кодексига кўра, 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига ёки ота-она ўрнини босувчи шахсга ҳар йили камида тўрт календарь кун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Худди шундай ҳуқуқ 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бор ота-онадан бирига ҳам берилган.

Ҳақ тўланадиган қўшимча таътилни йиллик меҳнат таътилига қўшиш мумкин. Уни иш берувчи билан келишилган вақтда алоҳида, тўлиқ ёки қисмларга бўлиб олишга ҳам йўл қўйилади. Лекин ундан тегишли иш йили давомида фойдаланиш керак: таътилни кейинги иш йилига кўчириш ёки пулли компенсация билан алмаштириш мумкин эмас.

Шу тоифадаги ота-онадан бирига унинг хоҳишига кўра ҳар йили 14 календарь кунгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳам берилади. Бу камида 14 кун дегани эмас: қонун таътилнинг юқори чегарасини «14 кунгача» деб белгилаган. Уни йиллик меҳнат таътилига қўшиб ёки иш берувчи билан келишиб алоҳида, тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб олиш мумкин. Бу таътил ҳам кейинги иш йилига ўтказилмайди.

Қўшимча таътилларни расмийлаштиришда ходим қайси турдаги таътилни ва қайси саналарда олмоқчилигини аризасида аниқ кўрсатиши керак. Ҳақ тўланадиган тўрт кунлик таътил билан иш ҳақи сақланмайдиган 14 кунгача таътил алоҳида ҳуқуқлар эканини инобатга олиш муҳим.

Ҳуқуқий асос: Меҳнат кодексининг 401–402-моддалари.