Болани моддий таъминлаш — ота-онанинг тенг мажбурияти. Улар алиментни ихтиёрий тўлаш тартибини келишиб олиши мумкин; келишув бўлмаса ёки таъминот берилмаса, алимент суд орқали ундирилади.

Ота-она бола билан бирга яшаши ёки алоҳида яшашидан қатъи назар, унинг таъминотида иштирок этиши керак. Алимент боланинг кундалик эҳтиёжлари учун тўланадиган маблағ бўлиб, уни тўлаш тартиби ҳақида ота-она ўзаро келишиши мумкин. Бундай келишув боланинг манфаатларига ва қонун талабларига зид бўлмаслиги шарт.

Ота ёки она таъминот бериш мажбуриятини бажармаса, алимент суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи асосида ундирилади. Ота-онадан ҳеч бири бола фойдасига судга мурожаат қилмаган ҳолларда, қонунда назарда тутилган шартлар бўйича васийлик ва ҳомийлик органи, шунингдек 14 ёшга тўлган боланинг ўзи ҳам даъво қўзғатиши мумкин.

Алимент миқдори қандай белгиланади?

Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, суд, одатда, ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромаддан қуйидаги улушларда алимент ундиради:

  • бир бола учун — тўртдан бир қисми;
  • икки бола учун — учдан бир қисми;
  • уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси.

Суд тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа аҳамиятли ҳолатларни ҳисобга олиб, бу улушларни камайтириши ёки кўпайтириши мумкин. Шу билан бирга, ҳар бир бола учун ундириладиган алимент меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги ҳақидаги қоида амал қилади. Бу фоиздан ҳисобланадиган сўмдаги сумма меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўзгариши билан ўзгаради.

Алимент тўловчининг даромади мавсумий ёки ўзгарувчан бўлса, унинг бир қисми натура шаклида олинса, расмий белгиланган иш ҳақи бўлмаса ёки улушда ундириш имкони бўлмаса, суд алиментни ҳар ой тўланадиган қатъий пул суммасида белгилаши мумкин. Шу сабабли расмий иш жойи йўқлиги ота-онани бола таъминотидан озод қилмайди.

Алимент қарзи тўпланганда унинг миқдори, одатда, қарз юзага келган даврдаги иш ҳақи ва бошқа даромаддан келиб чиқиб ҳисобланади. Агар тўловчи ўша даврда ишламаган ёки даромади ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, қарз Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи асосида ҳисобланади. Бу ҳисоб тарафлардан бирининг манфаатига жиддий путур етказса, у судга мурожаат қилиши мумкин.

Алимент миқдори ҳақидаги низодан ташқари, бола оғир шикастланиши ёки касаллиги каби фавқулодда ҳолатлар туфайли қўшимча харажатлар юзага келиши мумкин. Уларда ота-онанинг иштирок этиши масаласи алоҳида ҳал қилинади; бу мавзу 2484-IDда батафсил ёритилган.

Ҳуқуқий асос — ўзбекча: