Ногиронлиги бўлган ёшлар учун касб ва кўникма ўрганиш харажатларини қоплаш, шунингдек мустақил меҳнат фаолиятини бошлашга кўмаклашиш бўйича субсидиялар мавжуд. Ўқиш билан боғлиқ харажатлар ва асбоб-ускуналар хариди учун субсидиялар алоҳида шартлар асосида ажратилади.

Ўқиш, яшаш ва транспорт харажатлари. Нодавлат таълим ташкилотида касб-ҳунар, ахборот технологиялари, дастурлаш, умумтаълим фанлари ёки хорижий тилларни ўрганиш учун субсидия сўраш мумкин. Зарур ҳолларда таълим билан боғлиқ яшаш ва транспорт харажатлари ҳам қопланади. Бу йўналишда 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ногиронлиги бўлган шахс мурожаат қилиши мумкин; 16 ёшга тўлмаган шахс номидан қонуний вакили ариза беради. Ўқиш, яшаш ва транспорт учун ажратиладиган умумий субсидия базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмайди.

Асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари. Бу субсидия касбий курсни камида бир ой ўқиб, уни муваффақиятли тугатган ҳамда тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ногиронлиги бўлган ёшларга мўлжалланган. Ушбу йўналиш бўйича ариза берувчи 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган бўлиши керак. Рўйхатдан ўтгандан кейин 180 кун ичида мурожаат қилинади; субсидия миқдори БҲМнинг 50 бараваригача бўлиши мумкин.

Иккала йўналиш бўйича мурожаат Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Ўқиш учун таълим ташкилоти билан шартнома, меҳнат қуроллари учун эса курсни тугатганлик сертификати каби тегишли ҳужжатлар талаб қилинади.

Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июндаги 341-сон қарори — Lex.uz.