Болани таъминлаш ва алимент тўлаш тартиби

Ота-она вояга етмаган фарзандига таъминот бериши шарт. Улар алиментни қай тартибда ва қандай шаклда тўлашни ўзаро келишиб белгилаши мумкин. Бундай келишув қонун талаблари ҳамда боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Ота ёки она болага ихтиёрий таъминот бермаса, алимент суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи асосида ундирилади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, алимент тўланмаса ва ҳеч бири судга мурожаат қилмаса, васийлик ва ҳомийлик органи бола манфаати учун алимент ундириш ҳақида даъво қўзғатишга ҳақли.

Вояга етмаган болалар учун алимент миқдори

Ота-она ўртасида таъминот ҳақида келишув бўлмаса, суд алиментни тўловчининг ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадидан қуйидаги улушларда ундиради:

  • бир бола учун — тўртдан бир қисми;
  • икки бола учун — учдан бир қисми;
  • уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми.

Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ҳамда бошқа аҳамиятли ҳолатларни ҳисобга олиб, ушбу улушларни камайтириши ёки кўпайтириши мумкин. Бироқ ҳар бир болага ундириладиган алимент қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Даромад ўзгариб турса ёки расмий даромад бўлмаса

Алимент тўловчининг даромади мунтазам бўлмаса, унинг бир қисми натура шаклида олинса, даромаддан улуш ҳисобида ундириш имкони бўлмаса ёки тўловчининг расмий даромади бўлмаса, суд бола таъминоти учун алиментни ҳар ой тўланадиган қатъий пул суммасида белгилаши мумкин.

Алимент қарзини ҳисоблаш

Алимент тўланмаган давр учун қарз одатда тўловчининг ўша даврдаги иш ҳақи ва бошқа даромадидан келиб чиқиб ҳисобланади. Агар у ишламаган бўлса ёки даромадини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаса, қарз ундирилаётган вақтда Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи асосида ҳисобланади.

Ўртача иш ҳақи асосида ҳисобланган қарз тарафлардан бирининг манфаатига жиддий путур етказса, у қарз миқдорини белгилаш масаласида судга мурожаат қилиши мумкин.

Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз фарзанд таъминоти

Ота-она ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз вояга етган фарзандига ҳам таъминот бериши шарт. Таъминот миқдори бўйича келишувга эришилмаса, уни суд ота-онанинг моддий ва оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда ҳар ой тўланадиган қатъий пул суммасида белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси