Ҳомиладорлик ва туғиш таътили неча кун давом этади ва нафақа қандай белгиланади?

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг давомийлиги Меҳнат кодексида белгиланган. 2026 йилдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақани тайинлашда суғурта стажи ва янги ҳисоблаш тартиби ҳам аҳамиятга эга.

Аёлга туғруққача 70 календарь кун, туғруқдан кейин 56 календарь кун ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади. Туғиш қийин кечган ёки икки ёхуд ундан ортиқ бола туғилган бўлса, туғруқдан кейинги давр 70 календарь кун бўлади. Шу тариқа одатдаги таътил 126 календарь кун, кўрсатилган алоҳида ҳолатларда эса 140 календарь кунни ташкил этади.

Таътил жамланган ҳолда ҳисобланади ва аёл туғруққа қадар белгиланган кунларнинг нечтасидан ҳақиқатда фойдаланганидан қатъи назар, тўлиқ берилади. Уни тайинлаш учун белгиланган тартибдаги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.

2026 йил 1 январдан юзага келган суғурта ҳодисалари бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси давлат ижтимоий суғуртаси тартибида тайинланади. Умумий қоидага кўра, нафақа учун камида 10 ой суғурта стажи, шунингдек суғурта ҳодисаси юзага келган ойдан олдинги охирги 6 ойда узлуксиз суғурта стажи талаб этилади. Қонунда назарда тутилган айрим ҳолатларда, жумладан бола парвариши таътилидан кейинги ёки унинг давридаги такрорий ҳомиладорликда, узлуксиз 6 ой ҳақидаги талаб татбиқ этилмайди.

Нафақани ҳисоблашда суғурта стажига қараб ўртача ойлик иш ҳақига 10–24 ой учун 75 фоиз, 25–60 ой учун 85 фоиз, 61 ой ва ундан ортиқ стаж учун 100 фоиз коэффициент қўлланади. Якуний сумма белгиланган ҳисоблаш қоидаларига мувофиқ аниқланади. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси алоҳида ариза талаб қилинмасдан, проактив тарзда тайинланади.

Туғиш таътили тугагач, аёл хоҳишига кўра боласи 2 ёшга тўлгунига қадар бола парваришлаш таътилига, кейин эса 3 ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътилга чиқиши мумкин. Бу — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан алоҳида таътил турларидир.

Ҳуқуқий асос: Меҳнат кодекси, 404–405-моддалар; «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қонун, 16–17-моддалар; Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарори билан тасдиқланган низом.